Get Mystery Box with random crypto!

ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР... Ота уйга келсам гар, Тарқаб кетар,ҳиж | Bolalar She'rlari | Uyda Qoling!

ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР...

Ота уйга келсам гар,
Тарқаб кетар,ҳижронлар.
Бўй таратар,муаттар,
Онам эккан райҳонлар...

Ширин суҳбат қургандек,
Ҳорғин,-хаёл сургандек:
Мени кутиб тургандек,
Онам эккан райҳонлар...

Келдим,-ўсган жойимга,
Энг азиз саройимга.
Суйкалади пойимга,
Онам эккан райҳонлар...

Анов ким?-сўзга уста;
Нозимами,-Шоҳиста?
Чайқалади,оҳиста,
Онам эккан райҳонлар...

Бу Дунёси бир бозор,
Ким даллол,ким харидор.
Онам каби хокисор,
Онам эккан райҳонлар...

Онагинам ҳиммати,
Топган-тутган давлати.
Ҳовлимизнинг зийнати,
Онам эккан райҳонлар...

Мен бир фарзандман,дайди,
Борсам,баргин тўшайди.
Шеърларимда яшайди,
Онам эккан райҳонлар...

Наҳот мен кетдим йироқ?
Қайга тутдим шамчироқ?!
Мендан ҳам меҳрибонроқ,
Онам эккан райҳонлар...

"Соғиндим,-деб боламни:"
Айганида аламни.
Юпатади Онамни,
Онам эккан райҳонлар...

Кўзларимга сурганим,
Ҳидлаб,олиб юрганим.
Тушларимга кирганим,
Онам эккан райҳонлар...

Онам эккан райҳонлар,
Соғинч сочин тарайди.
Онам билан қўшилиб,
Кунда йўллар қарайди...

Эгилибди бошлари,
Ғамгин,кўзу-қошлари.
Онамнинг сирдошлари,
Онам эккан райҳонлар...

Келганда меҳрин тутар,
Онамдек интиқ кутар.
Онамга ўхшаб кетар,
Онам эккан райҳонлар...

КАМОЛИДДИН ШУКУР


Telegram tarmog‘idagi Eng sara  @bolalar_sherlari kanaliga ulaning