2022-06-26 09:50:34
Мазкур тузатишлар ўз тақдирини фақатгина Ўзбекистон таркибида, ўзбек халқи билан чамбарчас кўришни хоҳловчи Қорақалпоғистон халқининг танлови ҳисобланади.
Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича таклифлар йиғиш жараёнида Конституциявий комиссияга, Жўқорғи Кенгесга маҳаллий аҳолидан Қорақалпоғистонни Ўзбекистонни ажралмас қисми сифатида белгилаш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушди.
Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибида мақомини мустаҳкамлаш маҳаллий аҳоли томонидан минтақани янада барқарор ривожлантириш гарови сифатида кўрилмоқда.
Келиб тушаётган таклифлар асосида Қорақалпоғистон Конституциясига кўра Қорақалпоғистон халқини ўзида намоён этган унинг халқ вакиллари бўлмиш - Жўқорғи Кенгеси депутатлари томонидан янги Конституциявий нормалар, хусусан Қорақалпоғистонга тегишли нормалар бўйича таклифлар ташаббус қилинди ва ишлаб чиқилди.
Ишлаб чиқилган нормалар Жўқорғи Кенгес депутатлари томонидан тайёрланган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Мазкур қонунчилик ташаббуси Жўқорғи Кенгес депутатлари томонидан бир овоздан қабул қилинди.
Таклиф этилаётган конституциявий тузатишлар қорақалпоқ ва ўзбек халқларининг бирдамлигини янада мустаҳкамлашга муҳим хисса қўшиб, “Бир мамлакат – умумий тақдир” ғоясининг амалий исботи бўлиб хизмат қилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг давлат қурилиши тизимини такомиллаштириш мамлакат бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, минтақани ва бутун Ўзбекистонни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари, тасдиқланган дастурларнинг босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши Қорақалпоғистон халқининг обод турмушини таъминлаш, иқтисодиётини мустаҳкамлаш, ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш ва кафолатли даромад манбаи таъминлаш, малакали тиббий ва таълим хизматлари, спорт, маданият, умуман, барча соҳаларни янада такомиллаштиришга муҳим асос бўлди.
Хусусан, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд 2 500 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган. Кичик бизнес субъектлари сони 2 баробар кўпайиб, қарийб 21 мингтага етган. Шу даврда 83 мингта янги доимий иш ўрни яратилган.
Президент қарори билан 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Ҳукумат қарори билан эса 2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини
1,5 бараварга, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,5 бараварга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,2 бараварга, хизматлар ҳажмини 2,9 бараварга ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,4 бараварга ошириш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўзининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Бизнинг яна бир эзгу мақсадимиз – биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистон таркибида Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир. Оғир экологик шароитга қарамасдан, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса кўшиб келаётган қорақалпоқ диёри, унинг барча шаҳар, туман ва овулларини комплекс ривожлантириш, меҳнаткаш ва матонатли, оқкўнгил ва бағрикенг қорақалпоқ элининг ҳаётини обод ва фаровон этишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият қаратамиз”.
Кўриниб турганидек, амалга оширилган ишлар Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
2.2K viewsJETES DÁWLETBAEV, 06:50